Page 111 - Қодирова_электрон монография 2024
P. 111
Шу сабабли чўл минтақаси тупроқларида замбуруғлар кам
миқдорда учраганлигини кўришимиз мумкин.
Замбуруғлар миқдорининг мавсумий ўзгаришини таҳлил
қиладиган бўлсак, замбуруғларнинг йил фасллари бўйича ўзгариши
ерлардан хўжалик фойдаланилишига қараб бир хил эмас. Агарда
қўриқ ва лалми тупроқларда замбуруғларнинг авж олиб
ривожланиши, асосан, баҳор фаслида кузатилса, суғориладиган
тупроқларда эса йил фасллари бўйича динамикаси сезиларсиз
эканлигини кўришимиз мумкин.
Ўрганилган тупроқлар Пенисиллиум, Аспергиллус, Фусариум,
Алтернариа, Муcор ва бошқа туркумларга мансуб замбуруғлар
учрайди.
Шундай қилиб, Сурхондарё воҳаси тупроқларида
замбуруғларнинг тарқалиши ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитлари
билан бевосита боғлиқдир. Замбуруғларнинг миқдори ўрганилган
тупроқ типи ва типчаларининг профили ҳамда мавсумлар бўйича
тақсимланишида ўзига хос специфик хусусиятларга эгалиги
кузатилди.
Тоғ минтақаси тупроқларида замбуруғлар, эрозия
жараёнларига боғлиқ ҳолда, асосан, устки қатламларда кўпроқ
учраган бўлса бўз тупроқлар минтақасининг суғориладиган
тупроқларида профил бўйлаб кескин камайиши кузатилмайди. Чўл
минтақаси тупроқларида эса замбуруғлар ривожланишига ноқулай
гидротермик шароитлар ва шўрланиш салбий таъсир этиши
кузатилди. Чунки, замбуруғлар қатор омиллар: ҳарорат, тупроқ
муҳити реакцияси, намлик ва бошқаларга ўта таъсирчан
ҳисобланади.
Актиномицетлар. Актиномицетлар тупроқда азотли ва
азотсиз органик моддаларни парчаланишида фаол иштирок этади.
Уларни деярли барча тупроқларда учраши тупроқ жараёнларида
муҳим ўрин эгаллашидан дарак беради.
Тадқиқот натижаларига кўра, микробиологик жараёнлар чуқур
ривожланган тоғ жигарранг тупроқларида актиномицетлар ҳам яхши
ривожланганлиги ва профил бўйлаб йил фасллари бўйича 1г
тупроқда 65 дан 1185 мингта ҳужайра оралиғида ўзгариб туриши
кузатилди (18-расм).
97

