Page 40 - ХАМИДОВА ЗУЛФИЯ АХМАДЖОНОВНА - monografiya
P. 40
даромадига қараб белгилаш.
2. Аниқлик тамойили, бунга кўра, солиқ тўловчига унинг
ҳисоблаш усули, тўлаш вақти олдиндан маълум қилиниши керак.
3. Солиқ тўлаш ва тўланган солиқни ундиришда аҳолига қулай
бўлишидир.
4. Солиқлар мутассил такомиллаштирилиши керак, яъни
харажатлар мунтазам камайтириб борилиши керак.
Амир Темур савдо муносабатларини ривожлантириш мақсадида
бир кунлик карвон йўлида барча зарур шарт-шароитларни яратишни,
чунончи, от, ем-хашак, озиқ-овқат билан таъминлашни, карвонсарой
ва сардобалар қуришни, қароқчиларни қаттиқ жазолашни буюрган,
айни чоғда, савдо аҳлига алоҳида ғамхўрлик кўрсатган.
Бинобарин, “Темур тузуклари” да қуйидаги жумлаларни
ўқиймиз: “Ҳар бир мамлакатга ва диёрга савдогарлар ва
карвонбошилар тайинладимки, улар қаерга боришмасин: Хитойгами,
Хўтан, Чину Мочин (Хитой), Хиндистон, араб мамлакатлари, Миср,
Шом, Рум, Жазоир, Фарангистонгами, у ерларнинг нафис матолари
ва муносиб туҳфаларидан келтирсинлар. Ўша мамлакатларда
истиқомат қилувчи кишиларнинг ҳол-аҳволи, туриш-турмуши
ҳақида менга хабар олиб келсинлар. Ҳар бир мамлакат
ҳукумдорининг ўз раиятига қандай муомала-ю муносабатда
эканлигини аниқласинлар” . “Ва яна буюрдимки, йўл устига
87
кузатувчилар, зобитлар тайинласинларки, йўлларни қўриқлаб,
йўловчилар, савдогарлар, мусофирларни кузатиб, мол-мулки ва
бошқа нарсаларини манзилдан манзилга етказиб қўйсинлар. Йўл
устида бирортасининг нарсаси йўқолса, ўзи ўлдирилса ёки бошқа
кор-ҳол юз берса, булар учун жавобгарлик уларнинг зиммасида
бўлсин” . “Амр қилдимки, сармояси қўлидан кетиб қолган
88
савдогарга ўз сармоясини қайтадан тиклаб олиши учун хазинадан
89
етарли миқдорда олтин берилсин” .
Ана шундай тартиб-қоидалар қўлланилиши самараси ўлароқ,
карвонлар қатнови изчиллашиб, ташқи ва ички савдо-сотиқ равнақ
топган. Клавихонинг сафар хотираларида катта хиёбон ва савдо
расталарига тааллуқли талай далиллар ҳам келтирилган: “Самарқанд
шаҳрида ҳар йили Хитой, Ҳиндистон, Тотористон (Олтин Ўрда) ва
бошқа мамлакатлардан, шунингдек, бениҳоя бой Самарқанд
87 Халқаро Амир Темур жамғармаси. Темур тузуклари. Тошкент, 2005 йил. 79-б.
88 Ўша асар, 138-б.
89 Ўша асар, 95-б.
38